Кибер-жиноятчилик таҳдидлари: онлайн-карточкадан бизнесга кадар

15.06.2015

Ахборот технологиялари соҳасини олайлик. Улар бизга мислсиз енгиллик ва қулайлик келтирди. Шу билан бирга, аввал фақат фантастик асарларда ўқиганимиз нохушликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Улардан бири – кибер-жиноятчиликдир.

 

“Бугунги дунё… мен туғилиб, кўз очган дунёдан тубдан фарқ қилади. Бу фарқ мен туғилган дунё билан Юлий Цезарь дунёси ўртасидаги фарқдан кам эмас. Агар инсоният тарихига бугунги кун нуқтаи назаридан қарасак, мен бу тарихнинг қоқ ўртасида туғилганман десам бўлади. Мен дунёга келмасимдан олдин қанча ҳодисот содир бўлган бўлса, мен туғилгандан бери ҳам шунча ҳодисот ўтди”.

Бу сўзлар ХХ асрда яшаган иқтисодчи ва мутафаккир Кеннет Боулдинг томонидан айтилган. Олим бу фикрни ахборот-коммуникация технологиялари таъсирида илм-фан, инсонлар турмуш тарзи мисли кўрилмаган даражада ривожланаётган, дунё тараққиёти юксакликка юз бурган даврда айтган эди. Ҳа, чиндан ҳам биз – XXI аср одамлари улкан имкониятларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Аммо, бу имкониятлар асри баъзи истиснолардан, эътибор қаратиш лозим бўлган муаммолардан холи эмас.

Ахборот технологиялари соҳасини олайлик. Улар бизга мислсиз енгиллик ва қулайлик келтирди. Шу билан бирга, аввал фақат фантастик асарларда ўқиганимиз нохушликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Улардан бири – кибер-жиноятчиликдир.

Бошидан ўтказган – табиб

…Март ойининг ўрталарида, дам олиш куни опам қўнғироқ қилиб пластик карточкасини йўқотиб қўйганини айтди. Онлайн тизимда фаолият кўрсатувчи карточка, табиийки, хизмат кўрсатувчи банкнинг “SMS-огоҳлантириш” хизматига уланган бўлган. Пластик карточка йўқолганидан чамаси 30 дақиқалардан кейин опамнинг телефон рақамига пул ечилганлиги тўғрисида хабарлар кела бошлади. Биринчи харид дорихонадан қилинди. Табиийки, опам пластик карточкасини шу куни ташриф буюрган шифохонада йўқотган. Бир неча соатлар ичида пластик карточкадаги йирик миқдордаги маблағ охирги сўмларигача ечиб олинди. Мен зудлик билан дорихона номи орқали унинг манзили ва телефон рақамини аниқлашга муваффақ бўлдим. Дорихонага қўнғироқ қилиб, суриштирганимизда сотувчи аёл чиндан ҳам опамнинг номидаги карточкадан пул ечилганлигини тасдиқлади. Сотувчи вазиятдан хабар топгач, дорихона биносида видеокамера борлигини, пластик карточкадан фойдаланган аёлни танишини ва видеоёзувни олишда ёрдамлашишини айтди.

Видеоёзувни олгач, шифохонага йўл олдик. Опамнинг шифохонага кўргани борган дугонаси орқали карточкадан фойдаланган аёлнинг кимлиги ва уй манзилини аниқладик. Табиийки, аёл бизнинг даъвоимизни рад қилди. Маҳалла оқсоқоли ва, ҳатто, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилига мурожаат қилганимизда улар бу борада бирор чора кўришга иложсиз эканликларини рўй-рост айтишди. Ваҳоланки, пластик карточкалардан ноқонуний фойдаланиш электрон жиноятчиликнинг жаҳонда энг кўп тарқалган кўриниши ҳисобланади.

Дам олиш куни бўлгани боис, карточкани зудлик билан музлатиб қўйиш имкони ҳам йўқ эди. Иш куни бўлган тақдирда ҳам, то паспорт билан банкка борилгунича ҳам карточкани топиб олган одам пулларни ечиб олишга улгурган бўлар эди. Эҳтимол, шундай фавқулодда вазиятлар учун махсус телефон рақамлари ёки электрон мурожаатлар ёрдамида дақиқалар ичида ҳисобни музлатиш хизматларини йўлга қўйиш лозимдир?

Қолаверса, пластик карточкани топиб олган шахснинг бу ҳақда зудлик билан банкка хабар бериши лозимлигини қонун билан белгилаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ. Пластик карточкаларга, банк ҳисобрақамларига, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга топиш осон бўлган парол (код)ларни қўйиш қанчалар зарарли эканлигини фуқароларга англатиш, уларни ҳушёрликка ва ахборот хавфсизлигига риоя этишга чорлаш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.

Таҳдид

Сўнгги вақтларда юртимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларида ҳам Интернет, хусусан ижтимоий тармоқлар орқали товламачилик қилган, бировларнинг шахсий маълумотларини оммага тарқатган, туҳмат уюштирган, нотўғри ва ваҳимага сабаб бўладиган хабарларни оммалаштиришга уринган шахсларимизнинг жиноий ишларига оид янгиликлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Таҳлиллар ва жаҳон мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ахборот технологиялари ривожланиши баробарида кибер-жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан ҳам чора-тадбирлар кўрилиши лозим.

Янги технологиялар янги имкониятлар билан бирга, жиноятларни янгича усулда амалга ошириш имконини ҳам яратиб берди. Интернет коммуникациянинг бош платформасига айланиши, ахборот технологияларидан тижорат, давлат бошқарувида ва кўнгилочар мақсадларда фойдаланиш натижасида кибер-жиноятлар хавфи янада ошиб бормоқда. Натижада, миллий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш тизими ноанъанавий таҳдидлар ва муаммоларга тўқнаш келмоқда. Кибер-жиноятлар кўлами бўйича ахборот технологиялари юқори суръатда ривожланган, иқтисодий ва молиявий муносабатлар электрон тизимга асосланган АҚШ ва Европа мамлакатлари “пешқадам” ҳисобланишади.

Кибер-жиноят компьютер ёки мобил алоқа воситаларидан қабиҳ мақсадлар йўлида фойдаланишни англатади. Айни кунларда ахборот технологиялари ёрдамидаги фирибгарлик, одам савдоси, беҳаёликни амалга ошириш, бошқаларнинг шахсий ҳаётига таҳдид қилиш, кимнингдир шахсий маълумотларини, кредит карта рақамларини бузиш, банк ҳисобрақами маълумотларини ўғрилаш, интеллектуал мулкка дахл қилиш, телефон рақами ёки электрон почта маълумотларини аниқлашга уриниш, веб-сайтлар фаолиятини бузиш каби ҳаракатлар тобора авж олмоқда.

Кибер-жиноятлар орасида, айниқса шахслар, компания ва тижорат муассасалари, ҳукуматлар тўғрисидаги маълумотларга ҳужум уюштириш ҳолати кўп қайд этилади. Рақамли эрада биз тўғримиздаги электрон маълумотлар, виртуал оламдаги шахсимизга тааллуқли маълумотлар кундалик турмуш тарзи учун зарур элементлар ҳисобланади. Бу электрон ахборот жиноятчилар учун зарур қуролга ҳам айланиши мумкин. Бу маълумотларнинг ўғирланиши жиноятчиларга виртуал тармоқда маълумотлар эгасининг номидан иш кўриш ва йирик миқдордаги зарарга сабаб бўладиган жиноятлар қилиш имконини беради.

Аянчли статистика

Антивирус маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик “МакАфи” интернет-компаниясининг маълумот беришича, дунё компаниялари 2014 йилда ахборотнинг ташқарига чиқиб кетиши, уларнинг обрўига етган зарар ва унинг оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ кибер-жиноятчилик туфайли жами 1 триллион долларга яқин зарар кўрмоқда. 2013 йилда бу зарар миқдори 500 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. 
Интернет орқали амалга оширилган жиноятлар туфайли АҚШда тадбиркорлик субъектларининг махфий стратегик режаларининг фош бўлиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сифатининг тушиб кетиши, пировардида истеъмолчилар ишончининг йўқолиши, компанияларнинг обрўсизланиши юз бермоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили АҚШда 500 минг нафар ходим ишидан айрилади.

Ушбу мамлакатда компьютер жиноятчилигидан олинадиган даромад қурол ва гиёҳвандлик савдосидан кейин учинчи ўринни эгалламоқда. Дунё миқёсида оладиган бўлсак, ҳар йили икки миллионга яқин кишининг шахсий маълумотлари ўғриланиб, бунинг оқибатида аҳолига 1 миллиардАҚШ доллари миқдорида молиявий зарар етказилмоқда.

Кибер-жиноятчиликнинг яна бир хавфли жиҳати – ёвуз мақсадларни масофадан туриб амалга ошириш. Бундай жиноятчиларни ўзларини ҳам, ҳаракатларини ҳам аниқлаш оддий жиноятчиларни аниқлашдан кўра ўн баробар мушкул.

Аксарият электрон жиноятлар молиявий мақсадларни кўзлайди. Компьютер хавфсизлиги дастурлари ишлаб чиқарувчи «Symantec» компанияси томонидан эълон қилинган ҳисоботларда қайд этилишича, сўнгги йилларда банк-молия тизимида рўй бераётган кибер-жиноятлар ошиб бормоқда. Айниқса, бу ҳужумлар банк ёки йирик компаниялар истеъмолчилари, харидорларига катта зарар келтирмоқда. Мисол учун, 2014 йилда бу зарар миқдори 114 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган. Ҳар секундда бу ҳужумлардан 12 киши зарар кўрмоқда. Бир йилда 380 миллион киши кибер ўғриликларнинг қурбонига айланмоқда. 2012 йилда кибер ҳужумлардан жабрланганларнинг ҳар бири ўрта ҳисобда 140 АҚШдоллари йўқотишган бўлишса, ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 300 АҚШ долларини ташкил қилади.

Бугун кибер-жиноятлар бизнесдаги рақобатни синдириш воситаси ёки муайян компанияларнинг ахборот технологиялари инфратузилмасига ҳужум қилиш натижасида рақобатчини кучсизлантириш, компанияларнинг иш услуби, даромади ва бошқа қимматли маълумотларини аниқлашда, жосуслик мақсадида ҳам амалга оширилаётгани кузатилмоқда. Мисол учун, халқаро компанияларга қаратилаётган бундай жосусликлар туфайли 2014 йилда Apple, Google, Facebook ва Twitter, шунингдек, The New York Times, Wall Street Journal, Associated Pres» каби улкан саноат ва матбаа компанияларининг зарар кўргани кибер-ҳужумлар уларга қарши ўрнатилган энг ишончли ҳимоя тўсиқларини ҳам забт этиши мумкинлигини кўрсатади. Саноат корхоналарига уюштирилаётган хакерлик ҳужумларини қисман рақобат туфайли содир бўлаётганини тушуниш мумкин, аммо йирик газеталар ва ахборот агентликлари, ОАВга кибер-ҳужумлардан мақсад нима? Бу савол очиқлигича қолмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, АҚШ ва Европа мамлакатларида халқаро тармоқдан фаол фойдаланувчиларнинг 50 фоизи кибер-таҳдидларга дуч келишган. Бу таҳдидларнинг аксарияти ноқонуний ҳаракатларга чорлаш, беҳаё суратларни тиқиштириш ёки турли ҳақоратлар кўринишида бўлган.
Кибер-жиноятчилик маҳаллий ёки миллий ҳудудларни ҳатлаб ўтиб, глобал аҳамият касб этмоқда ва унга қарши кураш халқаро ҳамкорликни талаб этмоқда. Мисол учун, гиёҳванд моддаларнинг баъзи турларини истеъмол қилиш қонунан тақиқланмаган мамлакат фуқаросининг Интернетдаги сайтларда бу оғуни тарғиб қилиши бошқа мамлакатлар нуқтаи назарида жиноий ҳаракат ҳисобланади. Кибер-майдондаги жиноятларнинг аксарияти инсон шахси ва онгини мўлжалга олади. Сўнгги йилларда дунёнинг баъзи бир мамлакатларида кузатилаётган зиддиятлар ҳам Интернет ёрдамида онгига таъсир ўтказилган кимсалар томонидан алангаланмоқда. Сайёрамиз бўйлаб бир нуқтадан бошқасига сониялар ичида тарқалаётган нотўғри ва ноўрин ахборотлар натижасида виртуал тармоқда зарарли информацион-ғоявий макон кенгаймоқда.

Бугун “хакер” тушунчасини изоҳлашга ҳожат йўқ. ХХ асрнинг иккинчи ярми, компьютер технологиялари ривожланаётган даврда бу сўз мутахассислар маҳоратини ифодалаш, билимини сифатлаш учун ишлатилган. Йиллар ўтиб, ўз билими ва маҳоратидан катта иқтисодий манфаат кўриш, осон пул топиш мақсадида фойдаланган компьютер технологиялари мутахассисларининг хатти-ҳаракати туфайли “хакер” атамаси электрон жиноятни амалга оширувчиларни англатмоқда.

Олиб борилаётган жадал саъй-ҳаракатлар, сарфланаётган йирик маблағларга қарамасдан, ҳамон халқаро миқёсда бизнес кибер-жиноятчиликнинг асосий нишони бўлиб қолмоқда.

Хавфсизлик чоралари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чоралари тўғрисида” 2013 йил 27 июндаги 1989-сон Қарори билан тасдиқланган “2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш бўйича Комплекс дастур”га мувофиқ, 2013 йилда ўша вақтдаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошида Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида кибер-жиноятларга оид ҳаракатлар учун жавобгарлик ўз ифодасини топган. 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган “Ахборотлаштириш ва маълумотлар узатиш соҳасида қонунга хилоф ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Жиноят кодекси “Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар” деб номланган 20-боб билан тўлдирилган. Унда ахборотлаштириш қоидаларини бузиш, компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, компьютер саботажи, зарар келтирувчи дастурларни яратиш, ишлатиш ёки тарқатиш каби қатор жиноятлар учун жазо чоралари белгиланган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, интеллектуал мулкни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, компьютер тизимига рухсатсиз кириб ўғрилик содир этиш, ноқонуний ахборот тўплаш, ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш каби компьютер жиноятлари таркиби кўзда тутилган.

Бугун мобил қурилмалар бизнинг яқин дўстимизга айланди. Улар ёрдамида маълумотлар қидирамиз, дўстларимизга хат ёзамиз. Узоқдаги ота-онамиз ҳолидан хабар оламиз. Уларга шунчалик ўрганиб, боғланиб қолганмиз, кези келганда ўзимизни унинг ёрдамида кўз-кўз қиламиз, ёки шахсимизни бекитамиз. 
Кимдир ёшлик қилиб, кимдир бойлик илинжида, кимдандир ўч олиш ниятида бу қурилмалардан номақбул фойдаланишни истаб қолади. Кўпинча одамлар Интернет тармоғидаги ёки телекоммуникация тармоқларидаги хатти-ҳаракатларининг қайси бири тўғри, қайсиси нотўғри эканини англамайдилар. 
Шу ўринда, юқорида қайд этилган ҳолатлар, далил ва изоҳлар, фикрлардан келиб чиқиб, бугун олдимизда тобора мустаҳкамланиб бораётган миллий қонунчилик тизимини Ўзбекистон Республикасининг “Кибер-жиноятчилик тўғрисида”ги қонуни билан бойитиш мақсадга мувофиқ. Зеро, юртимизда фуқаролар учун электрон ҳукумат, электрон тижорат ва электрон рақамли имзо каби кенг миқёсда қулайликлар ва имкониятлар яратилмоқда экан, бунинг баробарида фуқаро, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг мажбуриятлари ва жавобгарликлари аниқ акс этган қонуний асос бўлишлиги мақсадга мувофиқдир.

Ахборот-коммуникация технологиялари жаҳон мамлакатлари тараққиётининг муҳим мезонларидан бирига айланиши ҳукуматларнинг бу йўналишдаги ислоҳотларни ривожлантиришини рағбатлантирди. Жамият ахборотлашуви, ахборот-коммуникация технологиялари қулайликларининг ортиши биринчи навбатда ижтимоий ҳодиса эканини инобатга олсак, ўз-ўзидан аёнки, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ва фуқароларни кибер-таъсир ва жиноятлардан ҳимоя қилиш энг долзарб вазифага айланади.

Шухрат Сатторов матни

ictnews.uz