Аxборот-коммуникация теxнологиялари соҳасида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди

27.02.2016

Жорий йилнинг 26 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Тошкент ахборот технологиялари университетида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмаркада ахборот-коммуникатсия технологиялари соҳасида фаолият юритувчи 100 та корхона ва муассасалар, шунингдек давлат органлари мавжуд иш ўринлари билан қатнашдилар. Тадбирнинг мақсади компания, ташкилот ва корхоналарга, давлат идораларига замонавий билимларга эга истеъдодли ва истиқболли кадрларни жалб қилиш, ёш мутахассисларга ишга жойлашишда кўмаклашишдан иборат.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу йил ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадр тайёрловчи Тошкент ахборот технологиялари университети, унинг ҳудудий филиаллари, соҳага бириктирилган 72 та академик литсей ва касб-ҳунар коллежларини турли мутахассисликлар бўйича 26 минг нафар ёшлар битириб чиқади. Бир вақтнинг ўзида ҳудудларда ҳам ташкил этилаётган меҳнат ярмаркаси бу битирувчиларнинг барчасини қамраб олишни мақсад қилган.

Ҳукуматимиз томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида самарадорликни янада ошириш, давлат ва жамият қурилиши соҳасида замонавий ахборот-коммуникатсия технологияларидан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлаш масаласида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни ошишига хизмат қилмоқда.

Юртимизда давлат, хўжалик бошқаруви ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг АКТ бўйича махсус бўлинмаларини мутахассислар билан таъминлаш, соҳага малакали кадрларни жалб этиш мақсадида, номзодлар тўғрисидаги маълумотлар базаси мунтазам шакллантирилмоқда.

 

Манба: www.infocom.uz