“Электрон хукумат" соҳасидаги ваколатли орган фаолиятини ташкил этишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди

29.02.2016

2016 йил 26 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда “Электрон  ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган фаолиятини ташкил этишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ўтказилиши ташкиллаштирилди.

Ўтказилган семинар ушбу органлар томонидан “Электрон ҳукумат тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши муносабати билан ҳамкорликда тасдиқланган қўшма чора-тадбирлар режасининг ахборот-тушунтириш тадбирларидан бири хисобланади.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул раҳбарлари ва таркибий бўлинмалари ходимлари, ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳузуридаги жамоат эксперт гуруҳи аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институти, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек кенг доирадаги ахборот-коммуникация  соҳасининг мутахассислари иштирок этишди.

Ўтказилган тадбирнинг долзарблиги Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримовнинг Мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида “Бугунги шароитда, Интернет ва электроника даврида иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация  технологияларини кенг жорий этиш, “Электрон  ҳукумат” тизими фаолиятини янада ривожлантириш устувор аҳамиятга эгадир” деган сўзларидан келиб чиқади.

Семинар давомида давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот-коммуникация  технологияларини босқичма-босқич жорий этиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш фаолиятини тартибга солиш, “Электрон  ҳукумат” тизимини яратиш ва ишлашини таъминлаш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини ошириш бўйича қабул қилинган ”Электрон  ҳукумат тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун ва моҳиятини ижрочиларга етказиш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди

Семинар иштирокчилари томонидан Қонун нормаларига асосан электрон ҳукумат сохасидаги ваколатли орган этиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги таркибий бўлинмалари ходимларига қонун нормаларини амалда татбиқ этиш, электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ талқин қилиш бўйича кенг кўламли маълумотлар ва атрофлича тушунчалар берилди.

Тадбир давомида “Электрон  ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан электрон ҳукуматни жорий қилиш жараёнларини келгусида меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, ушбу Қонуннинг яқин вақтда кучга киришини ҳисобга олиб, биринчи навбатда қабул қилиниши ёки қайта кўриб чиқилишини талаб этадиган энг муҳим қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати аниқлаб олинди.

Ваколатли орган томонидан “Электрон  ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг муайян нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарали амалга ошириш мавзуларида депутатлар ва ахборот-коммуникация  соҳаси мутахассисларининг маърузалари тингланди.

Семинар иштирокчилари ахборот соҳаси мутахассислари томонидан “Электрон  ҳукумат тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг самарали ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича ишлаб чиқилган методик тавсиялари билан таништирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация  технологиялари масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорликда аҳоли ва ижрочиларнинг ахборот-ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш семинарларини ўтказиш амалиёти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан давом эттирилиши қайд этилди.

Манба: www.mitc.uz