«Миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ёшларда Интернет-маданиятини шакллантиришнинг долзарб вазифалари»

26.02.2016

2016 йил 25 февраль куни Тошкент вилояти  Зангиота туманидаги Мирозо Улу-бек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги Академик лицейда “Миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ёшларда Интернет-маданиятни шакллантиришнинг долзарб вазифалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят ва туман кенгаши ходимлари ва фаоллари, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази мутахассислари, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган туман кенгаши депутатлари, маънавият масалалари бўйича мактаб директори ўринбосарлари, лицей ўқувчилари иштирок этдилар.

Ушбу давра суҳбати “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур давра суҳбатида сўзга чиққанлар Ўзбекистонда фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини руёбга чиқаришга қаратилган, Интернетнинг миллий сегментини ривожлантириш, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ахборот соҳасига оид мукаммал қонунчилик базаси ва ташкилий шарт-шароитлар яратилганини таъкидладилар. Бундан ташқари, Интернет маконида тобора кескин тус олаётган таҳдид ва салбий тенденциялар, ёвуз кучлар томонидан ахборот эркинлиги суъиистемол қилиниб, Интернет тармоқларида терроризм, диний экстремиз, “оммавий маданият” ғоялари, шу билан бирга, бошқа ахборот-психологик таъсир ўтказувчи материаллар ҳам тарқалаётгани ҳолатларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга, уларни ташвишлантираётган муаммолар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ҳам берилди. Хусусан, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ахборий ва ҳуқуқий таълимини ошириш, Интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, Интернет-маданиятни ривожлантириш, ёш фойдаланувчиларда излаш тизимларида ишлаш кўникмаларини ошириш, хавф-хатарни идрок эта олиш қобилиятини шакллантириш, номақбўл бўлган сайтларга кирмаслик, ота-оналар назоратини кучайтириш, ўқув юрти, мутахассислар, жамоат ташкилотлари ва ота-оналар форматида ҳамкорлик ишларини янада кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Манба: www.infosec.uz