IUT абитуриентларга IELTS сертификатини қўлга киритиш учун қўшимча имконият яратмоқда

04.03.2016

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида (ИУТ) ҳамма дарслар инглиз тилида олиб борилади ва абитуриентлар ўзларининг инглиз тили бўйича билим даражаларини тасдиқлашлари учун IELTS ёки TOEFL сертификатини тақдим этишлари лозим.

IELTS сертификатини олишга талабнинг катталиги сабабли, айрим абитуриентлар IELTS имтиҳонига вақтида рўйхатдан ўтишга улгуришмаяпти.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети IELTS ёки TOEFL имтиҳонларини топширишга улгурмаган абитуриентлар учун Британия Кенгаши билан ҳамкорликда IELTS имтиҳонини топшириш учун қўшимча имконият яратмоқда.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқишни режалаштирган абитуриентлар 28-май (15-апрелга қадар) ва 25-июн (16-майга қадар) кунлари ташкил этилаётган қўшимча IELTS имтиҳонларига рўйхатдан ўтишлари мумкин. Имтиҳон натижалари 10-июн ва 8-июл кунлари эълон қилинади.

Абитуриентлар IELTS имтиҳонига рўйхатдан ўтишлари учун шахсан Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига келишлари ҳамда паспорт ва диплом нусхаларини тақдим этишлари лозим. Касб-ҳунар коллежи ёки академик литсей дипломини ҳали олмаган абитуриентлар, ўз ўқиётган таълим муассасаларидан хат тақдим этишлари керак. Рўйхатга олиш учун ҳужжатлар душанбадан жумага қадар 12:00 дан 17:00 гача қабул қилинади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қабул бўлимининг ўринбосари Руҳсора Раҳматова шундай деди: “Ўтган йили аксарият абитуриентлар IELTS имтиҳонига вақтида рўйхатдан ўта олмаганликлари учун инглиз тилидан учта имтиҳон ташкил этилган эди. Бу йил эса инглиз тилидан ўзимиз имтиҳон ташкил этмадик. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Британия Кенгаши билан келишган ҳолда бизнинг абитуриентлар учун инглиз тилидан иккита имтиҳон ўтказилади, бу эса абитуриентларга кириш имтиҳонларига қадар IELTS сертификатини қўлга киритиш имкониятини яратади.”

Eслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ўқишга кириш учун IELTS ва TOEFL сертификатини тақдим этиш билан бирга, абитуриентлар математика ва физика фанлари бўйича инглиз тилида имтиҳон топширадилар.

 

 Манба: www.infocom.uz