Тадбиркорлар қонун ҳимоясида

11.12.2015

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида иқтисодиётда сифат жиҳатидан туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш зарурлигига эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ташкил этилган анжуман тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ижросига бағишланди. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий тадбиркорлар иштирок этган тадбирда соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва уларни амалиётда қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Адлия вазирининг ўринбосари А.Усмонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мулкдорлар, кичик бизнес эгалари ва тадбиркорларнинг манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинаётгани уларнинг ривожига, бу иқтисодиётимиз барқарорлигига хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланаётгани тадбиркорларга янги-янги имкониятлар яратмоқда. Адлия вазирлиги томонидан “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли яратилгани ноқонуний текширишларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Эндиликда ўтказилаётган ҳар қандай текширишни бевосита назорат қилиб бориш ва қонунийлигини таъминлаш имконияти яратилди. Ушбу лойиҳа вақтни, қоғозни тежайди, бошқа харажатларни камайтиради. 

“Текширишларни рўйхатга олиш китоби"нинг онлайн тизимига кириш электрон рақамли имзо билан etk.minjust.uz орқали амалга оширилади. Китобни тўлдирмаслик ёки уни тўлдиришдан бош тортиш текширишлар тартибини бузиш ҳисобланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлигига сабаб бўлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тартиблари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш натижасида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказиш кескин қисқартирилди. 

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилиши мустаҳкамланди. 

Адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда 2015 йилнинг 9 ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан 151 тадбиркорнинг фаолияти ноқонуний текширилгани, 1514 ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилгани аниқланган. 

Тадбирда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан белгиланган талаблар даражасида иш олиб борилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорларнинг иқтисодиётдаги улуши янада кўпайишига хизмат қилиши қайд этилди. 

Мамба: УзА